Сергели тумани ҳокимиятнинг расмий сайти
Шрифт ўлчами:
Ранглар схемаси:
Тасвирлар:

Тошкентда маҳаллаларни ривожлантиришга доир янгича ёндашув тақдим этилди

18-июль куни «Humo Arena» спорт саройида Тошкент маҳаллаларини ривожлантириш ва «маҳалла еттилиги»нинг янги фаолият тамойилларига бағишланган кенг кўламли тақдимот ҳамда тимбилдинг тадбири бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигидаги тадбирда 5 мингдан ортиқ киши — шаҳар ва туман ҳокимликлари вакиллари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, пойтахтдаги барча 585 та маҳалланинг «маҳалла еттилиги» аъзолари иштирок этди.

Иштирокчилар нафақат янги тизимнинг асосий йўналишлари билан танишдилар, балки жамоавий шаклда амалий вазифаларни ҳам ишлаб чиқдилар. Туман ва маҳаллаларнинг бизнес-режа лари, даромад манбалари, харажат йўналишлари, устувор лойиҳалар ва уларни амалга ошириш механизмлари диққат марказида бўлди.

Янги ёндашувнинг асосий мақсади — маҳаллани аҳоли маълумотнома ёки ижтимоий ёрдам сўраб мурожаат қиладиган жойдан ҳудуд ривожланишининг тўлақонли марказига айлантиришдан иборат.

Бу вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 24-июндаги «Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-116-сонли Фармонида назарда тутилган. Ҳужжат маҳалланинг ролини кучайтириш, унинг ходимларининг масъулиятини ошириш ҳамда аҳоли муаммоларини бевосита жойларда ҳал этишга қаратилган.

Ҳар бир маҳалладаги иш реал вазиятни аниқ тушуниш асосида йўлга қўйилиши лозим: бу ерда қанча одам яшайди, қайси оилалар кўмакка муҳтож, қаерда иш ўринлари яратиш зарур, қандай ижтимоий ва инфратузилмавий муаммолар мавжуд ва қандай лойиҳаларни амалга ошириш мумкин.

Гап алоҳида мурожаатларга жавоб беришдан ҳудудни тизимли ва изчил ривожлантиришга ўтиш ҳақида кетмоқда.

Ҳар бир маҳалла учун асосий муаммолар, мавжуд имкониятлар ва устувор лойиҳалар белгилаб олиниши керак. Булар йўлларни таъмирлаш, ёритиш тизимини яхшилаш, иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳовлиларни ободонлаштириш, муҳтож оилаларга ёрдам бериш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ёки ёшлар билан ишлаш бўлиши мумкин.

Бунда ҳар бир лойиҳа бўйича қанча маблағ талаб этилиши, улар қайси манбалардан жалб қилиниши, вазифани бажариш учун ким масъул экани ва қандай аниқ натижага эришиш кераклиги тушунарли бўлиши лозим. Бундай режалаштириш ресурслардан оқилона фойдаланиш ва бошланган лойиҳаларнинг бажарилмай қолиш хавфини камайтириш имконини беради.

Тақдимот давомида Чилонзор туманидаги «Новза» маҳалласи мисолида иштирокчиларга «маҳалла еттилиги» фаолияти туманнинг бизнес-режа си ҳамда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг умумий вазифалари билан қандай боғланиши кераклиги кўрсатиб берилди.

Жамоаларда ишлаш орқали иштирокчилар аниқ ҳолатларни таҳлил қилдилар, маҳалла муаммолари ва ресурсларини аниқладилар, масъулият соҳаларини тақсимладилар ҳамда амалий ечимларни таклиф этдилар. Бундай шакл ҳудуднинг барқарор ривожланиши фақат барча масъул тузилмаларнинг ўзаро ҳамжиҳатликдаги фаолияти орқали мумкинлигини ёрқин кўрсатиб берди.

Янги тизимда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солик инспекторидан иборат «маҳалла еттилиги»га алоҳида ўрин ажратилган. Шунингдек, маҳалла фаолиятида маҳалла банкирлари ҳам иштирок этади.

Ҳар ким ўз йўналиши учун жавобгар, бироқ улар ягона жамоа бўлиб ишлашлари шарт. Масалан, ишсизлик муаммосини фақат бир мутахассиснинг кучи билан ҳал қилиб бўлмайди. Бунинг учун касбга ўқитиш, кредит олишга ёрдам бериш, ижтимоий кўмакни расмийлаштириш, бизнес очишга кўмаклашиш ёки муносиб иш берувчи топиш талаб этилиши мумкин.

Шу боис, янги ёндашувнинг асосий вазифаларидан бири — фуқаро турли ташкилотларга мурожаат қилиб, ҳар сафар ўз муаммосини қайтадан тушунтириб ўтирмаслиги учун барча масъул ходимлар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдир.

«Маҳалла еттилиги»нинг фаолияти ўтказилган йиғилишлар ва тайёрланган ҳисоботлар сони билан эмас, балки аниқ натижалар: аҳоли даромадларининг ўсиши, иш ўринларининг яратилиши, камбағалликнинг қисқариши, жиноятчиликнинг камайиши, ижтимоий масалаларнинг ҳал этилиши ва турмуш шароитларининг яхшиланиши билан баҳоланади.

Аҳолининг ўз иштирокига алоҳида эътибор қаратилди. Айнан улар ўз уйида, кўчасида ва маҳалласида қандай масалаларни ҳал этиш зарурлигини ҳаммадан яхши билади.

Аҳоли ўз маҳалласи иқтисодиётини тушуниши, режалаштирилган лойиҳалар, уларни молиялаштириш манбалари ва амалга оширилиш жараёни ҳақида маълумот олиши, шунингдек, ўз ташаббусларини илгари суриш ҳамда ҳудудни ривожлантириш режаларининг муҳокамасида иштирок этиш имкониятига эга бўлиши лозим.

Асосий мақсад — ҳар бир маҳалланинг ривожланишини одамларнинг реал эҳтиёжларига асосланган, тушунарли ва изчил жараёнга айлантиришдир.

Тадбир доирасида «маҳалла еттилиги»нинг барча аъзолари учун махсус ўқув тизими ҳам тақдим этилди. Улар режалаштириш, жамоада ишлаш, давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш ва эришилган натижаларни баҳолашнинг янги услубларини ўзлаштиришлари керак бўлади.

Янги ёндашув маҳаллаларга мавжуд муаммоларни тезроқ аниқлаш, бор ресурслардан самаралироқ фойдаланиш ва аҳоли ўз кундалик ҳаётида кўра оладиган аниқ ўзгаришларга эришишга ёрдам бериши кутилмоқда.

Теглар:
Ўхшаш янгиликлар
Ўзбекистонда кўрсатилаётган ҳар икки хизматнинг қарийб биттаси Тошкент ҳиссасига тўғри келмоқда.
22.07.2026, 15:21
Ўзбекистонда кўрсатилаётган ҳар икки хизматнинг қа...

⚡️2026-йилнинг 6 ойида пойтахтда хизматлар ҳажми 274,4 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,4% ...

2026-йилнинг 6 ойида Тошкент шаҳрида инвестициялар ва иқтисодий ривожланиш йўналишида эришилган асосий натижалар
22.07.2026, 10:52
2026-йилнинг 6 ойида Тошкент шаҳрида инвестициялар...

2026-йилнинг биринчи ярмида Тошкент шаҳри инвестицияларни жалб этиш ҳамда иқтисодий ривожланиш суръатлари бўйича мамлака...

Олий таълим ташкилотлари битирувчилари учун махсус хизмат
21.07.2026, 16:13
Олий таълим ташкилотлари битирувчилари учун махсус...

➡️16-июлдан Тошкент шаҳар Ёшлар марказида битирувчиларни иш билан таъминлаш ва касбий фаолиятини бошлашга кўмаклашиш бўй...

Маҳаллаларида ободонлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш бўйича ўрганиш ўтказилди
21.07.2026, 11:25
Маҳаллаларида ободонлаштириш ва инфратузилмани яхш...

➡️ Бугун Бектемир тумани ҳокими Н. Абдурахманов бошчилигида туманда фаолият юритаётган ташкилотлар ҳамда коммунал хизмат...