Deprecated: mysql_connect(): The mysql extension is deprecated and will be removed in the future: use mysqli or PDO instead in /var/www/vhosts/tashkent.uz/httpdocs/modules/frontend/news.php on line 4
 sergeli.tashkent.uz Sergeli.Tashkent.Uz - Барча Лойиҳа Ва Дастурлардан Асосий Мақсад – Инсон Манфаатларини Таъминлашдир
Фотогалерея
Видеогалерея
Барча лойиҳа ва дастурлардан асосий мақсад – инсон манфаатларини таъминлашдир - Бўлимга қайтиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 17 май куни Сирдарё вилоятига ташриф буюрди. 

Сирдарё вилоятининг салоҳияти ва аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Вилоят иқтисодиёти барқарор суръатлар билан ривожланмоқда. 2017 йилнинг биринчи чорагида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 5,8 фоиз ўсган. 

“Жиззах” эркин иқтисодий зонасининг Сирдарё филиали, “Бек” ишлаб чиқариш бирлашмаси, “Гулистон медтехника”, “Сирдарё мега люкс” қўшма корхоналари вилоят иқтисодиётида муҳим ўрин тутмоқда. 

Мураккаб иқлим шароитига қарамай, Сирдарё деҳқон ва фермерлари пахта ва ғалладан мўл ҳосил етиштирмоқда. Мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларидан қўшимча даромад топмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Сирдарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган. Давлатимиз раҳбари ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, шаҳар ва туманларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. 

Президентимиз дастлаб Сардоба сув омбори қурилишининг бориши билан танишди. 

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2010 йилда Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи ўтган ҳудудда сув омбори бунёд этила бошланган эди. Жорий йилда қурилиши якунланадиган гидроиншоотда 922 миллион куб метр сув тўпланади. Бу Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги унумдор ерлардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш имконини беради. 

Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантирмоқдамиз, одамлар такрорий экин экиб, қўшимча даромад топсин. Сардоба сув омбори ҳудуддаги деҳқон ва фермерларга бу борада катта имкониятлар яратади, деди давлатимиз раҳбари. 

Президентимизнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи чоғида гидроэнергетика соҳасида ҳам муҳим келишувларга эришилди. Ушбу мамлакат билан ҳамкорликда сув омбори ёнида қуввати 15 мегаватт бўлган мини гидроэлектростанция қурилади. 

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда муқобил энергетикани ривожлантириш бўйича истиқболли чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётгани, гидроэнергетика соҳасида янги компания тузилиши режалаштирилаётганини таъкидлади. 

Сув омбори атрофида дам олиш зонаси ташкил этилади. 

Шу ерда Мирзаобод туманида амалга оширилиши режалаштирилган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. 

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Сардоба темир йўл агросаноат мажмуаси” унитар корхонаси томонидан балиқчилик, чорвачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш, сут маҳсулотлари ва омихта ем ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. 

Сардоба сув омбори ва Мирзаобод тумани ҳудудида ташкил этиладиган балиқчилик мажмуаси инкубацион цех, интенсив ҳовузлар, балиқни қайта ишлаш заводи, маҳсулотларни сақловчи музлаткични ўз ичига олади. Балиқ учун омихта ем ҳам шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилади. Ушбу корхоналарда 150 иш ўрни яратилади. Мажмуа “Ипотека-банк” билан ҳамкорликда ташкил этилаётган “Сирдарё балиқ саноат” корхонаси учун асосий база бўлиб хизмат қилади. 

Президентимиз бу ерда Вьетнам технологияси асосида балиқ етиштиришни кўпайтириш, соҳа вакилларини ўқитиш, касб-ҳунар коллежларида балиқчилик бўйича мутахассислар тайёрлаш зарурлигини таъкидлади. 

Сардоба мева-сабзавотлар логистика маркази ҳам кўп тармоқли бўлади. Бу ерда мева-сабзавотлар етиштириш, саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, музлатиш, сақлаш, қуритиш ва етказиб бериш ташкил этилади. Корхонада 220 киши иш билан таъминланади. 

Мирзаобод туманида ташкил этиладиган чорвачилик комплексида зотдор қорамолларни кўпайтириш орқали аҳолига гўшт ва сут етказиб бериш йўлга қўйилади. 100 иш ўрни яратилади. 

Ушбу тумандаги яна бир корхонада сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 3 минг 500 тонна сут қайта ишланиб, кенг турдаги маҳсулотлар тайёрланади ва қадоқланади. 25 кишининг бандлиги таъминланади. 

Тармоқдаги корхоналарни омихта ем билан таъминлаш мақсадида шу йўналишда корхона ташкил этиш мўлжалланган. 3 минг тонна омихта ем ишлаб чиқариладиган корхонада 25 иш ўрни яратилади. 

Президентимиз Мирзаобод туманидаги «Абдуғани Турдибоевич» кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти билан танишди. 

Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги изчил ривожланиб, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа тармоқларда юқори натижаларга эришаётган кўп тармоқли фермер хўжаликлари сафи кенгайиб бормоқда. Улар томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар аҳоли фаровонлигини ошириш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконини бермоқда. 

«Абдуғани Турдибоевич» кўп тармоқли фермер хўжалиги 34 гектар ер майдонига эга. Унинг 16 гектарида пахта, 15 гектарида ғалла, 3 гектарида соя етиштирилмоқда. 

Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги 2017-2021 йилларда республикада соя экини экишни ва соя дони етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ва давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда мамлакатимиздаги 2 минг 200 дан зиёд фермер хўжалигида 21 минг гектар майдонга соя экиш кўзда тутилган. Натижада 33,7 минг тонна соя дони етиштирилиб, 6,1 минг тонна ўсимлик ёғи ҳамда 25 минг тоннадан ортиқ соя шроти ишлаб чиқарилади. 

Бундан ташқари, соя экилган майдонларда соф азот тўпланиши ва тупроқ унумдорлиги яхшиланиши ҳисобига пахта ва ғалладан юқори ҳосил олиш имконияти яратилади. 

Соя етиштиришни кўпайтириш, уни шу ернинг ўзида қайта ишлаб, экспортга ҳам йўналтириш чораларини кўриш керак, деди Президентимиз. Соя экиш орқали ер унумдорлигини ошириш, соя агротехникаси бўйича мутахассислар тайёрлаш лозим. 

Давлатимиз раҳбари вилоятда боғдорчилик, чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш лойиҳаларини ҳам кўздан кечирди. Лойиҳалар бўйича фикрларини билдириб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. 

Президентимиз шу ерда нуроний отахонлар билан мулоқот қилди. 

Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳридаги “Sirdaryo Best Fashion” корхонасида бўлди. 

Жорий йил март ойида фойдаланишга топширилган мазкур корхонада 500 га яқин одам иш билан таъминланган. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари тўлиқ экспорт қилинмоқда. 

Замонавий ва энергиятежамкор технологик ускуналар билан жиҳозланган корхона бугун нафақат вилоятда, балки мамлакатимиз миқёсида ҳам ўз ўрнига эга. 

Президентимизга 2017-2018 йилларда вилоятда енгил саноат соҳасини ривожлантириш бўйича манзилли дастур ҳақида маълумот берилди. Дастурда болалар спорт кийимлари, трикотаж ва момиқ матолар, тайёр газлама, ип-калава ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. 

Корхоналар 72 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, уларда 3 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. 

Шавкат Мирзиёевга вилоятда ташкил этилаётган фармацевтика ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар лойиҳалари ҳақида ҳам сўзлаб берилди. 

Янги ташкил этиладиган корхоналарда ишлаб чиқариладиган фармацевтика ва тиббиёт буюмлари импорт қилинаётган маҳсулотлар ўрнини босади. 

Давлатимиз раҳбари яратиладиган иш ўринларига коллеж битирувчиларини кенг жалб қилиш кераклигини алоҳида қайд этди. 

Мамлакатимизнинг барча шаҳарлари қатори Гулистон шаҳрида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Гулистон шаҳрининг Ўзбекистон ва Бирлашган кўчаларида 180 хонадонли 15 кўп қаватли уй қурилди. Уйларнинг биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига мўлжалланган. 

Президентимиз шу уйлар жойлашган “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрди. Маҳалла раиси ва фаоллари билан мулоқотда мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, одамларнинг турмуш даражасини ошириш, маҳалла идораларининг имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётан ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. 

Мазкур маҳалла профилактика инспектори Санжар Муродов яқинда Гулистон давлат университети талабаси Ҳурриятхон билан оила қурган. Президентимиз жорий қилган тизимга мувофиқ янги қурилган уйлардаги хонадонлардан бири С.Муродов оиласига берилган. Давлатимиз раҳбари Санжар Муродов хонадонида бўлди. 

Шавкат Мирзиёев фуқаролар йиғинида маҳалла раиси, маслаҳатчилар ва профилактика инспектори ишлаши учун яратилган шароитлар билан танишди. Жиноятчиликнинг олдини олиш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, одамларни рози қилишда уларнинг ҳамкорлиги муҳим экани таъкидланди. 

Шу ерда Гулистон шаҳрининг бош режаси асосида амалга ошириладиган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тақдимоти ҳам ўтказилди. 

Гулистонда сизот сув сатҳини пасайтириш ишлари давом этмоқда. Шаҳарга олиб борадиган йўл ўтказгич реконструкция қилинмоқда. Тошкент кўчаси кенгайтирилиб, атрофида кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилмоқда. 

Ўзбекистон ва Мустақиллик кўчалари оралиғида маданий марказ барпо этилади. Хотира майдони, замонавий амфитеатр, вилоят театрининг янгиланган биноси, китоб дўкони бу ердаги маъмурий бинолар билан ҳамоҳанглик касб этади. 

Президентимиз бу иншоотларнинг ижтимоий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Китоб дўкони олдида сўлим хиёбон барпо этиб, Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Лойиҳаларни такомиллаштириш, қурилиш ишларини ўз вақтида, сифатли бажариш бўйича зарур тавсиялар берди. 

Шавкат Мирзиёев Янгиер шаҳрига ташрифи чоғида хусусийлаштирилган, аммо бугун бўш турган корхона ва объектлардан самарали фойдаланиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан қизиқди. 

Вилоят иқтисодиёт комплекси томонидан хўжалик юритувчи субъектларни молиявий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ҳаракатлар режаси тўғрисида маълумот берилди. 

Президентимиз мазкур ҳаракатлар режаси бўйича ҳар ойда бажариладиган ишларни аниқ белгилаш ва мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш, Тадбиркорликка кўмаклашиш марказини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни янада ривожлантириш борасидаги муҳим вазифалардан бири сифатида хусусий мулкнинг ролини кучайтириш ва хусусийлаштирилган объектлар негизида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш белгиланган. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 апрелдаги “Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтариш, хусусийлаштирилган корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. 

Сирдарё вилоятидаги хусусийлаштирилган 1 минг 343 корхонада ўтказилган хатлов натижасида бугунги кунда бўш турган ва қурилиши тугалланмаган 237 объект аниқланган. Ушбу объектлардан 130 таси фаолиятини қайта тиклаш бўйича инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган. Унга кўра, мазкур корхоналарда саноат йўналишида қиймати 51,9 миллиард сўмлик 36, қишлоқ хўжалигида 11,8 миллиард сўмликдан ортиқ 26, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида 18 миллиард сўмликдан ортиқ 68 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Натижада 1 минг 300 дан кўпроқ янги иш ўрни яратилади. 

Гулистон шаҳридаги собиқ “Восток ЛТД” корхонасининг бўш турган биносида “Record Тextil” МЧЖ томонидан қиймати 10,1 миллиард сўмлик ип-калавани бўяш, Сардоба туманидаги собиқ паррандачилик мажмуасида “Бобур” МЧЖ томонидан қиймати 1,9 миллиард сўмлик бройлер жўжалари етиштириш, Сирдарё туманидаги собиқ спорт жиҳозлари заводида “Файз” МЧЖнинг 20 миллиард сўмлик инвестицияси ҳисобидан ғўзапояни қайта ишлаш орқали ДСП ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади. 

Ҳар бир объектни чуқур ўрганиш ва уни ишга тушириш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш лозим, деди давлатимиз раҳбари. Бўш турган объектларни тадбиркорларга имтиёзли шартларда бериш ва уларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ички ва ташқи бозорларни топиш зарур. 

Президентимиз “Янгиер” кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 мартдаги қарорига мувофиқ “Янгиер” кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад шаҳар саноати салоҳиятини ривожлантириш, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини рағбатлантириш, замонавий ишлаб чиқаришни ташкил қилишга инвестицияларни кенг жалб этиш ҳамда ички ва ташқи бозор учун рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қулай шарт-шароит яратишдир. 

Ушбу саноат зонасида 2017-2018 йилларга мўлжалланган қиймати салкам 106 миллион доллар бўлган 125 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бунинг самарасида вилоятда тўқимачилик, чарм-пойабзал, кимё, озиқ-овқат, электротехника саноати, қурилиш материаллари, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 3 минг 200 дан зиёд иш ўрни яратилади. 

Саноат зонаси учун 537 гектардан зиёд ер майдони ажратилиб, уни йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари билан таъминлаш, ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. 

Тадбиркорлар билан суҳбатда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитидан самарали фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулотлар турини кўпайтириш, хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва экспортни ривожлантириш юзасидан тавсиялар берилди. 

Президентимиз саноат зонаси ҳудудидаги собиқ “Янгиерйўлиндустрия” унитар корхонасининг бўш турган биносини кўздан кечирди. Ҳудуди 9 гектар бўлган мазкур корхона «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти таркибига ўтказилиб, унинг негизида Янгиер темир-бетон ва металл конструкциялари ишлаб чиқариш заводи ташкил этилмоқда. Мазкур заводда йилига 83 минг куб метр темир-бетон маҳсулотлари, 5,5 минг тонна металл конструкциялари ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Ушбу лойиҳа учун 80 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилади. Бу 1 минг 250 иш ўрни яратиш имконини беради. 

Шавкат Мирзиёев ушбу корхона вилоятдаги муҳим саноат объектларидан бири экани, бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга талаб юқори бўлишини қайд этди. 

Давлатимиз раҳбари Ховос туманидаги “Ҳожи Гадойбой ота” хусусий корхонаси томонидан ташкил этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган иссиқхонани кўздан кечирди.

Сирдарё вилоятида 2016-2020 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш бўйича янги корхоналар қуриш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилиш, ярим тайёр ва тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари, қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш дастури доирасида иссиқхонада Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган юқори самарадорликка эга замонавий ускуналар ўрнатилган. 

Қиймати 625 минг доллар, майдони бир гектар бўлган иссиқхонада йилига 150-200 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. 

Президентимиз мазкур иссиқхона майдони ва етиштириладиган маҳсулот турини кенгайтириш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кераклигини таъкидлади. 

Шу ерда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси томонидан 2017-2018 йилларда вилоятда ташкил этиладиган мева-сабзавотчилик лойиҳалари, Сирдарё туманидаги “Сирдарё голден фрутс” масъулияти чекланган жамияти мева-сабзавотчилик логистика маркази, Мирзаобод ва Сайхунобод туманларида иссиқхоналар ташкил этиш, Гулистон туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, “Гулистон агро груп” масъулияти чекланган жамияти томонидан гуручни қайта ишлаш, “Агро эко техноложи” масъулияти чекланган жамияти томонидан сабзавот ва дуккакли ўсимликлар етиштириш, унаби боғи ташкил этиш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди. 

Гулистон шаҳрида Президентимиз раислигида Сирдарё вилояти фаоллари, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят иқтисодиётини, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, йўл инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, белгиланган дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА

18.05.2017

http://uza.uz/oz/politics/barcha-loyi-a-va-dasturlardan-asosiy-ma-sad-inson-manfaatlar-17-05-2017

Олдин      Кейин

Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот
Сайтда фойдаланувчилар сони: 15
Фойдали ресурслар
Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони
Тоифа Сони
Қабул қилинган 8
Ижрода 3
Ижроси таъминланган 5

ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИНГ!

Ишонч телефон

(+9989 71) 257-91-11

Девонхона

(+9989 71) 258-65-55

Шикоятлар бўлими

(+9989 71) 257-91-11

Факс

(+9989 71) 257-91-11

 
Хабар қолдиринг
  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар